Янгиликлар
Янгиликлар
2025-05-17
Сурхондарё вилоятида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур йўналишлардаги ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Қизириқ ва Бандихон туманларига ташриф буюрди.
Хусусан, Қизириқ туманидаги "Касбий кўникмалар маркази"да ишсиз хотин-қизларни гиламчилик йўналишида касб-ҳунарга ўқитиш жараёнлари билан танишилди. Шунингдек, "Янги кент" маҳалласидан бўлган тадбиркор Матлуба Алимованинг миллий ҳунармандчилик — чавандозлик ва томорқачилик анжомлари тайёрлаш борасидаги фаолияти кўздан кечирилди.
Мутасаддиларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитишни йўлга қўйиш ҳамда ҳунарманд аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Ташриф доирасида вилоят раҳбари Қизириқ туманида фаолият юритаётган тадбиркор аёллар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Бандихон туманида эса меҳмонхона ва миллий услубдаги умумий овқатланиш нуқталари қурилиши, оилавий корхонада мебел ишлаб чиқариш ҳамда "Оила мактаби"да яратилган шароитлар ўрганилди. Лойиҳаларни намунавий ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.