Янгиликлар
Янгиликлар
2026-01-23
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026-йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги масалаларга ўтишдан аввал 2025-йил якунларига қисқача тўхталди.
Ўтган йили иқтисодиётимиз дастлабки прогнозга нисбатан анча юқори, яъни 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024-йилгидан юқори бўлди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар 43 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,8 миллиард долларга етди.
Юқори иқтисодий фаоллик, ўсаётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024-йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.
“Нима учун бу рақамларни айтяпман? Чунки иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга кўпроқ маблағ боради. Бу пировардида бандлик, даромад ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади”,
– деди Президентимиз.