Янгиликлар
Янгиликлар
2026-02-03
Камбағалликдан фаровонлик сари: Термиз туманида 10 гектар тутзор аҳолига бўлиб берилди
Президентимиз қарори билан тасдиқланган "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларни даромадли меҳнатга жалб этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда бугун Термиз тумани Сабзипоя маҳалласида ўрмон хўжалиги ер фондига қарашли 10 гектар майдонда 30 минг туп тут кўчати экиш, шунингдек, тут қатор ораларидан самарали фойдаланиш учун 20 та оилага ҳар бири 50 сотихдан ер майдони ажратиш тадбири ташкил этилди.
Тадбирда ер майдонлари ажратилган оилалар ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар ушбу лойиҳанинг асосий мақсади тутзор барпо этиш ва унинг қатор ораларидан самарали фойдаланган ҳолда аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш эканлигини таъкидлаб, ажратилган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берди.
Лойиҳа доирасида оилалар томонидан ер майдонларида ерёнғоқ, полиз экинлари, пиёз ва картошка каби юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, йилига ўртача 50–60 миллион сўмгача қўшимча даромад олиш имконияти яратилиши қайд этилди. Бунинг учун ҳар бир оилага экин уруғлари учун субсидиялар ажратиш, шунингдек, тажрибали деҳқонларни бириктириш орқали экинларни парваришлаш бўйича амалий кўникмалар бериш белгиланди.